Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қатар давлатида бўлиб ўтган Халқаро саммит доирасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари У. Шарифходжаев ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан қатор музокаралар олиб борди.
Куннинг биринчи қисмида БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси директори Ивана Живкович хоним билан учрашув ўтказилди. Суҳбат давомида 2026–2030 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури, Жаҳон банкининг «Инсон» лойиҳаси ҳамда «Висион-2030» ташаббусига ижтимоий йўналишларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Хорватия Меҳнат, пенсия тизими, оила ва ижтимоий сиёсат вазирининг маслаҳатчиси Иван Видиш билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ижтимоий дастурларни интеграция қилиш, кундузги парвариш ва ҳамроҳлик хизматларини кенгайтириш, ижтимоий суғурта механизмларини такомиллаштириш каби йўналишлар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт вазирлигининг Инсонпарварлик ёрдами ва барқарор ривожланиш департаменти директори Лора Бофилс билан мулоқот ўтказилди.
Учрашувда томонлар болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятларни кенгайтириш, зўравонликдан жабр кўрган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълимни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Ушбу учрашувлар ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилиш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.