Ўзбекистон IBA 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионатида икки олтин, тўрт кумуш ва уч бронза медалини қўлга киритди
Ўзбекистон IBA 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионатида икки олтин, тўрт кумуш ва уч бронза медалини қўлга киритди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дубайда бўлиб ўтган IBA 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар турли вазн тоифаларида жами тўққизта медални қўлга киритдилар.
Олтин медалларни 51 килограммгача бўлган вазн тоифасида россиялик Баир Батлаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳоннинг икки карра чемпионига айланган Ҳасанбой Досматов ҳамда 67 килограммгача бўлган вазнда россиялик Евгений Коолни 5:0 ҳисобида енгган Асадхўжа Муйдинхўжаев қўлга киритдилар.
Турнир якунларига кўра, Ҳасанбой Досматов мусобақанинг «Энг яхши боксчиси» деб эътироф этилди.
Кумуш медаллар 60 килограммгача бўлган вазнда россиялик Всеволод Шумковга 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган Абдумалик Халоковга, 80 килограммгача бўлган вазнда Жамбулат Бижамовга 0:5 ҳисобида ютқазган Жавоҳир Уматалиевга, 92 килограммгача бўлган вазнда Муслим Гажимагомедовга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган Турабек Ҳабибуллаевга ҳамда 92 килограммдан юқори вазн тоифасида Давид Суровга ютқазган Арман Махановга насиб этди.
Бронза медаллар 57 килограммгача бўлган вазнда тожикистонлик Хусравхон Раҳимовга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган Ҳужаназар Нортожиевга, 54 килограммгача бўлган вазнда россиялик Вячеслав Рогозинга 0:5 ҳисобида ютқазган Асилбек Жалиловга ҳамда 75 килограммгача бўлган вазнда қозоғистонлик Сабиржан Аккаликов билан ярим финал жанги жароҳат сабабли бекор қилинганидан сўнг бронза медали билан тақдирланган Фазлиддин Эркинбоевга берилди.