Ўзбекистон Horizon Europe дастури доирасида Европа Иттифоқи билан илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Horizon Europe дастури доирасида Европа Иттифоқи билан илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 12–13 февраль кунлари Тошкент шаҳрида “Horizon Europe” дастурига бағишланган икки кунлик анжуман бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбир Европа Иттифоқи билан илм-фан ва инновациялар соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Анжуман “Horizon Europe” бўйича Ўзбекистон миллий алоқа координатори ташаббуси билан Европа Комиссиясининг Global Service Facility тузилмаси ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси кўмагида ташкил этилди. Тадбир Тошкент давлат техника университетида ўтказилиб, унда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 100 дан ортиқ олим ва тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари вакиллари, саноат соҳаси мутахассислари ҳамда сиёсатчилар иштирок этди.
Анжуманнинг биринчи сессияси “Horizon Europe” дастурининг 2026–2027 йилларга мўлжалланган иш дастурларига бағишланиб, молиялаштириш устувор йўналишлари, тематик кластерлар ва халқаро ҳамкорлик механизмлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Тадбирда таъкидланганидек, мазкур дастурда иштирок этиш нафақат молиявий имкониятлар, балки Европа тадқиқотлар ҳудудига интеграциялашув йўлидаги муҳим стратегик қадам ҳисобланади.
Учрашувда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси вакиллари, Erasmus+ миллий офиси мутахассислари ҳамда соҳавий миллий координаторлар иштирок этди. Европа Иттифоқи вакиллари халқаро ҳамкорликнинг инклюзив тамойилларини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқотчилари “Horizon Europe” лойиҳаларида иштирок этиш ва молиялаштириш олиш имкониятига эга эканини қайд этдилар.
Тадбир доирасида муваффақиятли халқаро лойиҳалар тажрибаси ҳам тақдим этилди. Унда Ўзбекистон илмий муассасаларининг халқаро консорциумларда иштирок этиш фаоллиги ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Икки кунлик анжуман Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида инновацияга асосланган ўсиш, ўзаро ишонч ва манфаатлар уйғунлиги тамойилларига асосланган узоқ муддатли илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий ёндашув мавжудлигини намоён этмоқда. “Horizon Europe” дастурида иштирок этиш орқали илмий салоҳиятни ошириш, халқаро илмий тармоқларни кенгайтириш, технологиялар трансфери ва тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш, ёш тадқиқотчиларни рағбатлантириш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш кўзда тутилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари ва компанияларни халқаро молиялаштириш имкониятларидан самарали фойдаланишга кўмаклашишни ҳамда глобал илмий ҳамкорликни кенгайтиришни изчил давом эттиради.
Тадбирда мамлакат бўйлаб 100 дан ортиқ олим ва тадқиқотчиларнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг халқаро илмий платформаларда фаол қатнашиш ва глобал илмий тараққиётга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.