Ўзбекистон — Германия: ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутовнинг Германия Федератив Республикаси Бундестаги Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ватан масалалари бўйича қўмитаси раиси Херманн Фербер билан учрашуви бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Хусусан, давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари икки халқ фаровонлиги йўлида барча соҳаларда юқори даражадаги шериклик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Учрашувда меҳмонларга “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага доир қонунчиликдаги янгиликлар, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига экологик соф қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўз навбатида, Х.Фербер самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг миқёсли янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
—Германия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ишончли стратегик ҳамкор сифатида тан олади. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Бундай учрашувлар ўзаро тажриба алмашиш ва чўлланишдан тортиб, озиқ-овқат барқарорлигигача бўлган глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш имконини беради. Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб, янада ривожланади,— деди Х.Фербер.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда парламентлар ўртасида бевосита ва мунтазам мулоқот майдонини шакллантириш, пaрлaмeнтлaрaрo дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.