Ўзбекистон элчиси Ироқ Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Ироқда янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси (қароргоҳи Ал-Кувайт шаҳрида жойлашган) Аюбхон Юнусов ушбу мамлакат Президенти Абдуллатиф Рашидга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот аввалида Ироқ Президенти Адуллатиф Рашид Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан халқаро тадбирлар доирасида бўлиб ўтган суҳбатларини илиқ таассуротлар билан ёдга олди.
Суҳбат якунида Президент Адуллатиф Рашид Ўзбекистоннинг Ироқдаги элчиси тайинланганлиги муносабати билан табриклаб, унинг масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Эслатиб ўтамиз, Аюбхон Юнусов 2024 йил 6 февраль куни Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси сифатида Ал-Кувайт шаҳрига ташриф буюрган эди.
Кувайтга тайинланишидан олдин у ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. 50 ёшли дипломат Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, «Ал-Азҳар» университети (Миср), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.
2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубай Эмиратидаги (БАА) Бош консулликларда ишлаган.