Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган халқаро форум доирасида самарали музокаралар ўтказмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган Халқаро электротехника комиссияси (International Electrotechnical Comission - IEC) Бош Ассамблеянинг 88-йиғилиши доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Испания стандартлаштириш уюшмаси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Испания вакиллари билан музокаралар чоғида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил фаоллашаётгани таъкидланди. Бу эса стандартлаштириш ташкилотларининг ўзаро алоқаларини мазмун жиҳатдан янги поғонага кўтаришни тақозо этмоқда.
Томонлар миллий стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, халқаро тузилмалар доирасида яқин шериклик қилиш, замонавий етук кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида яқин ҳамкорлик қилиш, хусусан, соҳа мутахассисларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини юксалтириш юзасидан келишиб олди.
Учрашув якунида икки ташкилот ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси Япония саноат стандартлари қўмитаси вакиллари билан ҳам самарали музокаралар ўтказди.
Тадбир чоғида икки давлат ўртасида стандартлаштириш ва техник тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, JETRO ва JICA грантлари ва техник кўмагини жалб этиш, илғор инновацион ечимлар татбиқ қилиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни кенгайтириш билан боғлиқ бошқа масалалар ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Япониянинг стандартлаштириш соҳасидаги тажрибасини амалиётга жорий этиш мамлакатимиз стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизимини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Ўз навбатида, Япония миллий электротехника қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Атсуко Саруҳаши Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишдан манфаатдорлик билдирди. Ўзбекистонда стандартлаштириш ва техник тартибга солиш соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни қўллаб-қувватлади ҳамда инфратузилмани такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлик изҳор қилди.
Учрашувда сифат инфратузилмасига оид барча йўналишларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.