Валюта курслари 19/02/2026
$1 – 12132.48
UZS – -0.04%
€1 – 14360.00
UZS – -0.14%
₽1 – 159.09
UZS – 0.61%
Қидириш
Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимлар тўплами имзоланди

Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимлар тўплами имзоланди

Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама битимлар тўплами имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолашга бағишланган маросим ва қўшма лойиҳалар тақдимотида иштирок этди.

Тадбирда АҚШ ҳукумати ва молия институтлари вакиллари – савдо вакили Жеймисон Грир, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, шунингдек, “Traxys”, “Valmont Industries”, “Gulf Oil”, “Avigen Broiler Breeding Group”, “John Deere”, “BlackRock Financial Markets Advisory”, “Oppenheimer” ва бошқа етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Видеоалоқа орқали учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янги, амалий форматда ўтаётган ушбу учрашув бундан аввалги давра суҳбатининг мантиқий давоми ҳамда иқтисодий шериклик стратегик ишонч ва ўзаро манфаатдорлик руҳида юксак даражага кўтарилаётганининг ифодаси эканини таъкидлади.

 – Бугунги кунда шериклар ишончли, қоидалар аниқ-равшан, ҳамкорлик эса узоқ муддатли бўлиши етакчи ўринга чиқмоқда. Биз Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлигимизни айнан шу мантиқ асосида қурмоқдамиз, – деди Президентимиз.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналишларига тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари иқтисодиёт Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири эканини таъкидлади.

Қўшма Штатлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида ўта муҳим хомашё, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик ва бошқа тармоқлар кўрсатиб ўтилди. АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси ва Эксимбанкининг битимларга ҳамроҳлик қилишда доимий ҳамкорлар сифатидаги роли ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Қўшма Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг салоҳиятидан фаол фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг АҚШнинг ҳамкор штатларига ташрифларини ташкил этиш топширилди.

Давлатимиз раҳбари ҳузурида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш, ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш, муҳим минералларни қазиб олиш ва етказиб бериш, паррандачилик кластерини ташкил этиш, агросаноат, молия бозорини ривожлантириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР