Ўзбекистон агросаноат мажмуасида UNIDO ва FAO билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон агросаноат мажмуасида UNIDO ва FAO билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Берлин шаҳрида ўтказилаётган 18-қишлоқ хўжалиги вазирлари конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси БМТ тизимидаги нуфузли ташкилотлар раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров UNIDOнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) бўйича инновациялар ва иқтисодий трансформация дирекцияси бошқарувчи директори Гунтҳер Бегер, шунингдек FAO нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офис раҳбари Бетҳ Бечдол ҳамда FAOнинг Минтақавий вакили Виорел Гуту билан музокаралар олиб борди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг UNIDO ва FAO билан узоқ йиллик самарали ҳамкорлиги, жумладан агроиндустрия, озиқ-овқат хавфсизлиги, яшил саноат, айланма иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги ҳамда агро-саноат кластерларини ривожлантириш йўналишларидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда саноат зоналарини ресурс тежамкор ва экологик барқарор кластерларга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, FAO билан ўтказилган учрашувларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, агроиндустрияда қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, озиқ-овқат тизимларининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек замонавий ва иқлимга мос технологияларни жорий этиш бўйича янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистоннинг аграр ва саноат соҳаларини модернизация қилиш, барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш йўналишларида UNIDO ва FAO билан стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувҳга эришди.