Фарғонада Бахтиёр Ваҳобзода китобининг ўзбек тилига таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди
Фарғонада Бахтиёр Ваҳобзода китобининг ўзбек тилига таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида фаолият кўрсатадиган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси бўлган — “Озарбайжон санъати ва адабиёти кунлари” дастури доирасида Фарғона Давлат Университетида Озарбайжон халқ шоири, драматург, адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Жонимга жо – Озарбайжоним” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбир таниқли сўз устасининг 100 йиллик юбилейига бағишланди.
Таъкидланганидек, тақдим этилган “Жонимга жо – Озарбайжоним” китоби Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси доирасида ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди. Бу нашр Бахтиёр Ваҳобзоданинг шеъриятини янги китобхон аудиториясига тақдим этиш билан бирга, Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги маънавий яқинлашувга ҳисса қўшувчи муҳим адабий ҳодиса сифатида баҳоланди.
Тадбирни Фарғона Давлат Университетининг биринчи проректори, филология фанлари доктори, доцент Зокир Раҳимов очиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий-адабий ҳамкорлик сўнгги йилларда янада фаоллашганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Бахтиёр Ваҳобзода каби адабиёт даҳоларининг мероси икки халқнинг маънавий хотирасини яқинлаштирувчи муҳим манбалардандир. Проректор китоб тақдимотини ҳам адабий муҳит, ҳамда талаба аудиторияси учун янги имконлар очувчи аҳамиятли маданий ҳодиса сифатида эътироф этди.
Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли ўз чиқишида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бугун Президент Илҳом Алиев ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсий раҳбарлиги натижасида юксак ишонч, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, маданий соҳада ўтказилаётган ташаббуслар фақат давлатлараро муносабатларнинг ғоявий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлабгина қолмай, айни пайтда халқлар ўртасида чуқур тарихий ришталарга асосланган дўстлик ва маънавий ҳамжиҳатликни давомли шаклда мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
У ўз нутқи давомида “Жонимга жо – Озарбайжоним” китобининг ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилишини Бахтиёр Ваҳобзода меросининг янги илмий ва адабий аудиторияга етказилиши нуқтайи назаридан аҳамиятли ҳодиса сифатида баҳолади. А. Марифлининг таъкидлашича, Ваҳобзоданинг шеърияти фақатгина муайян даврнинг адабий-эстетик тафаккурини эмас, бутун бир халқнинг маънавий интилишлари ва ҳиссий дунёсини ифода этади. У шунингдек таъкидладики, шоирнинг она тили софлигини сақлаш, туркий кимликни мустаҳкамлаш ва туркий дунёнинг маънавий бирлигига чақирувчи ғоялари бугунги кунда ҳам долзарблигини сақлаган ҳолда, Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатларининг гуманитар-маданий тамалларининг чуқурлашишига муҳим ҳисса қўшмоқда.
Кейинги нутқларда Фарғона Давлат Университети профессори, филология фанлари доктори Хабибулло Жўраев, Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика Университети профессори, «Ўзбекистон–Озарбайжон» Дўстлик Жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов, Фарғона Давлат Университети профессори, филология фанлари доктори Гўзал Мухамежанова ва Ўзбекистон халқ артисти, профессор Султонали Маннопов Бахтиёр Ваҳобзоданинг ижодининг ўзбек ўқувчилари учун аҳамиятини таъкидлаб ўтишди.
Нотиқлар ўз чиқишларида Озарбайжон шеъриятининг классик анъаналар билан замонавий бадиий тафаккур ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини ўтаётгани, Б. Ваҳобзода шеърияти эса ушбу йўналишнинг энг ёрқин намуналардан бири эканини қайд этишди. Улар шоирнинг асарларида кўтарилган ғоялар – миллий уйғониш, озодлик орзуси, маънавий бутунлик, қардошлик ва ҳамжиҳатлик мавзулари Ўзбекистонда ҳам буюк рағбат билан қарши олиниб, икки халқ ўқувчилари ўртасида маънавий яқинликни яратмоқда дея фикр билдирдилар.
Нутқ сўзловчилар, шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон адабиётлари ўртасидаги ўзаро таъсирлар, классик ва замонавий ёзувчиларнинг ҳар икки мамлакатда танитилиши зарурлигини билдириб, бу каби лойиҳалар адабий-маданий мулоқотнинг ривожланишига муҳим туртки беришини таъкидладилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг “Хори Булбул” театр труппаси томонидан Халқ шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Жонимга жо – Озарбайжоним” китобидан танланган шеърлар ижро этилди. Шеърларнинг драматик-композиция шаклидаги тақдимоти иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қаршиланиб, залда ўзгача ҳиссий муҳит яратди.
Якунда таъкидландики, Бахтиёр Ваҳобзоданинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиниб Фарғона жамоатчилигига тақдим этилиши Озарбайжон–Ўзбекистон маданий алоқаларининг ривожида навбатдаги муҳим қадам бўлиб, бундай адабий лойиҳалар келгусида ҳам давом эттирилади.