Олмаотада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Олмаотада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига амалий ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Олмаота шаҳри ҳокимияти вакиллари, тегишли идоралар, ишбилармон доиралар ҳамда экспертлар иштирок этди.
Олмаота шаҳри ҳокими Дархан Сатибалди билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги алоқалар жадал суръатларда ривожланаётгани қайд этилди. Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Дархан Сатибалди Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг юқори суръатларини алоҳида қайд этиб, 2025 йил ноябрь ойида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамда 2025 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмаота шаҳрига амалий ташрифи икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштирганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра Олмаота – Ўзбекистон минтақалари ўртасида товар айланмаси 20 фоизга ўсиб, 850 миллион АҚШ долларидан ошган ва бу икки мамлакат ўртасидаги савдонинг тахминан бешдан бир қисмини ташкил этади. Шунингдек, Олмаота шаҳрида Ўзбекистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 мингтага етган.
Учрашувда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида авиақатновларни кўпайтириш, қўшма тақдимот тадбирларида миллий стендлар билан иштирок этиш, савдо ҳажмини босқичма-босқич ошириш, бизнес-миссиялар ташкил этиш ҳамда саноат кооперацияси доирасида инновацион йўналишларда қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Дипломатлар, шунингдек, Қозоғистоннинг “Олимп” компанияси бошқарувидаги Олмаота минтақавий диагностика маркази фаолияти билан танишди. Унда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий бошқарув ва самарали менежмент амалиётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, “KazWaste” ассоциацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, маиший ва саноат чиқиндиларини бошқариш самарадорлигини ошириш, мутахассислар салоҳиятини кучайтириш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда минтақавий экологик лойиҳаларни шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида 2026 йил апрель ойида Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган минтақавий экологик тадбирлар доирасида чиқиндиларни бошқариш мавзусида амалий мулоқот майдончаларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Учрашувлар якунида томонлар икки мамлакат ваколатли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш ҳамда халқаро молия манбалари ҳисобидан қўшма ташаббусларни илгари суриш юзасидан келишиб олдилар.