Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Конвенциянинг асосий мақсади миллий таълим тизимларининг халқаро интеграциялашувини таъминлаш, олий таълим соҳасидаги малакаларни барча давлатларда тан олиш жараёнларини соддалаштириш ва таълимга оид ҳужжатларнинг умумеътироф этилишини таъминлашдан иборат.
Таъкидланганидек, бу халқаро ҳужжат БМТнинг олий таълим соҳасидаги илк глобал шартномаси бўлиб, у дунё миқёсида малакаларни адолатли ва шаффоф баҳолаш, минтақалараро академик мобилликни ривожлантириш ҳамда талабалар, ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг эркин ҳаракатланишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, Конвенция таълим ҳужжатларини тан олишда умумий тамойилларни белгилайди.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар учун таълим олишда қулайликлар яратиш, таълим сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, академик мобилликни кенгайтириш, хорижий меҳнат бозорига кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда миллий олий таълим тизимини глобал таълим маконига интеграция қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, Глобал конвенция олий таълим ва меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий платформа сифатида аҳамият касб этади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.