Oliy Majlis Senati Kengashining navbatdagi majlisi bo‘lib o‘tdi. Unda Senatning o‘n uchinchi yalpi majlisini 2026-yil 5-fevral kuni chaqirish to‘g‘risida qaror qabul qilindi.
Oliy Majlis Senati Kengashining navbatdagi majlisi bo‘lib o‘tdi. Unda Senatning o‘n uchinchi yalpi majlisini 2026-yil 5-fevral kuni chaqirish to‘g‘risida qaror qabul qilindi.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисини 2026 йил 5 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Кенгаш мажлисида навбатдаги ялпи мажлис кун тартиби атрофлича муҳокама қилиниб, унинг доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир қатор масалаларни кўриб чиқиш назарда тутилган.
Жумладан, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинади.
Шунингдек, сенаторлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонунларни кўриб чиқади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар кирити, экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кун тартибидан ўрин олган.
Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш, 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар, ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросининг муҳокама этилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ишларини тартибга солиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.
Ялпи мажлис доирасида сенаторлар Конституциявий суд ва Олий суд таркибларига ўзгартиришлар киритиш масалаларини ҳам муҳокама қилади.