Олимпия шаҳарчаси – мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 18 ноябрда Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишув чоғида айтган эди.
– Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади, – деган эди давлатимиз раҳбари.
Шунга мувофиқ, шаҳарчада Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази ҳам жойлаштирилган.
Бу галги ташриф чоғида Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш режалари, спорт ташкилотларининг жойлашуви ва фаолияти бўйича ахборот берилди.
Аввало, шаҳарчада халқаро даражадаги мусобақалар ўтказилади. Иншоотлар ундан кейин ҳам бўшаб қолмайди. Мамлакатимиз терма жамоаларининг ўқув-машғулотлари ташкил этилади. Федерациялар спорт мактаблари билан боғланади.
Ҳудудда ва мажмуаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.
Президентимиз шу ерда соҳа мутасаддилари ва спорт федерациялари раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.
– Аввало, спортчиларимиз ва федерацияларни мана шундай маскан билан табриклайман. Бу билан ёш авлод саломатлигига, бўлажак ютуқларга катта пойдевор қурдик. Лекин бу ишнинг энг осони. Қийини - спорт турларини оммалаштириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш. Биз спортни ҳам саломатлик, ҳам натижадорлик нуқтаи назаридан ривожлантириб борамиз. Худо хоҳласа, бундай Олимпия шаҳарчалари вилоятларда ҳам қурилади. Асосий мақсад - ёшларимизнинг соғлом ва баркамоллиги, – деди давлат раҳбари.
Маълумки, 2024 йилда Парижда ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юртимиз спортчилари муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида ҳар икки йўналишда 13-ўринни эгаллаган эди. Энди олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, келгусидаги мусобақаларда натижаларни ошириш мақсад қилинган.
Мамлакатимиз Президентининг шу йил 8 июлдаги қарори билан, Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури қабул қилинди.
Бу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Миллий олимпия қўмитасининг 14 та ҳудудий бўлими ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус вакили этиб белгиланди. Ҳар бир ҳудудга Спорт вазирлиги ва Олимпия қўмитасидан масъуллар бириктирилди.
Асосий мақсад юқори спорт натижаларига фақат битта Олимпиада эмас, доимий ва мустаҳкам замин яратишдир.
Иқтидорли спортчиларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш ва профессионал этиб тайёрлаш учун уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси йўлга қўйилди. Унинг финал босқичи ҳар йили Олимпия шаҳарчасида “Президент Олимпиадаси” сифатида ўтказилади. Ғолиб ва совриндор спортчилар Олимпия марказларига жалб этилиб, профессионал тайёрланади.
Республика олимпия ва паралимпия марказининг фаолияти миллий терма жамоалар захирасини яратишга қаратилади. Ўқув-машғулотлар ўтказиб бориш учун Олимпия шаҳарчаси иншоотлари марказга беғараз асосда бириктирилади.
Шунингдек, атлетлар захирасини кенгайтириш мақсадида хусусий спорт клублари фаолияти такомиллаштирилиб, расмий мусобақалардаги иштироки таъминланади. Юқори натижа кўрсатган спортчилар миллий терма жамоаларга қабул қилиниши мумкин бўлади.
Президентимиз спорт турларини оммалаштириш масаласига алоҳида урғу берди.
– Мардлик, курашчанлик халқимизнинг қонида бор. Одамларимиз спортни яхши кўради. Буни қўллаб-қувватлаб, маҳаллаларда спортни янада оммалаштириш керак. Бунинг учун жойларда шароит бор. Яна қураяпмиз. Натижа ҳам оммавийликдан келиб чиқади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга соҳани рақамлаштириш, спорт федерациялари фаолиятини кучайтириш, натижадор спорт турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
#Шавкат Мирзиёев