Okyanus Grup Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқмоқда
Okyanus Grup Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Туркиянинг “Okyanus Grup” компанияси асосчиси Айше Синирлиоглу билан учрашув бўлиб ўтди.
Компания 1993 йилда Истанбул шаҳрида ташкил этилган бўлиб, халқаро қурилиш ва инжиниринг лойиҳаларига ихтисослашган. Шу кунгача 24 та мамлакатда 750 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган. Улар қаторига савдо марказлари, стадионлар, аэропортлар, саноат ҳамда логистика объектлари киради.
Музокаралар давомида амалдаги ва истиқболдаги лойиҳалар, шунингдек, уларни Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Замонавий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий ҳамкорлар билан кооперацияни кенгайтиришга асосланган инвестиция ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туркия томони қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
“Okyanus Grup” билан олиб борилган мулоқот ўзбек-турк инвестициявий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва қурилиш ҳамда инжиниринг соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.