«Ўзсувтаъминот» АЖ Бўзсув каналига рангли оқова сувлар тушишига изоҳ берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда Бўзсув каналига рангли оқова сувлар қуйилаётгани акс этган видео тарқалди. Шу муносабат билан «Ўзсувтаъминот» АЖ расмий баёнот берди.
Ташкилот маълум қилишича, муаммо бугун пайдо бўлган эмас.
Тошкентда маиший оқова сувларни (ошхона, ҳаммом ва хўжалик эҳтиёжларидан чиққан сувларни) қабул қилишга мўлжалланган учта тозалаш иншооти мавжуд. Улар замонавий биологик тозалаш технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, фақат маиший турдаги оқова сувларни қайта ишлашга мўлжалланган. Бунда айнан кимёвий ташламаларни бирламчи корхоналар тозалаши назарда тутилган.
Бироқ, юртимизда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ривожланиши ва улардан канализацияга ташланаётган турли кимёвий чиқиндилар ҳамда текстиль корхоналардан чиқаётган бўёқ қолдиқлари, яъни рангли сувлар иншоотларнинг ишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аслида белгиланган меъёрга кўра, ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхонада локал иншоот бўлиши талаб этилади. Ушбу бирламчи иншоотлар корхонадан чиқаётган кимёвий чиқиндиларни тозалаши лозим.
Аммо бундай иншоотларнинг эксплуатацияси қимматга тушганлиги боис, афсуски, баъзи ишлаб чиқарувчилар корхонадан чиққан оқова сувларни канализацияга оқизиб юборишни афзал кўрмоқдалар.
Видеода қайд этилган рангли сувлар асосан тўқимачилик ишлаб чиқаришларидан келмоқда, мавжуд тозалаш иншоотлари эса бўёқ моддаларини тўлиқ йўқ қила олмайди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ эслатиб ўтдики, барча корхоналар хавфли оқова сувларни канализация тизими ва атроф-муҳитга қуйишни олдини олиши шарт.
Бу каби хатти-ҳаракатлари нафақат ишлаб чиқариш, жамият ёки табиат меъёрларига, балки инсонийлик принципларига ҳам тўғри келмайди.