Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Иқтисод 14/06/2025 «Ўзелтехсаноат» ва Болгариянинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқаришни муҳокама қилди

«Ўзелтехсаноат» ва Болгариянинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқаришни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Болгария бизнес форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев ҳам қатнашдилар.

Форум доирасида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Фаридун Абдуалимов Болгариянинг етакчи саноат компаниялари – “Prista Oil”, “CERB Group” ва «TEZ» раҳбарлари билан B2B учрашув ва музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда энергияни сақлаш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Жумладан, музокараларда замонавий энергия сақлаш технологияларини маҳаллийлаштириш, технологик трансфер асосида илмий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда кадрлар тайёрлаш орқали қўшма инновацион ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Болгариялик компаниялар вакиллари Ўзбекистондаги саноат ривожи, инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва электротехника соҳасидаги ислоҳотларга юқори баҳо бердилар ҳамда ҳамкорликни босқичма-босқич йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги саноат, технология ва яшил энергетика йўналишларидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг