«Ўзбекнефтгаз» Халқаро геотермал ассоциацияси билан Ўзбекистонда геотермал энергетикани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25 сентябрь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти ва Халқаро Геотермал Ассоциацияси (International Geothermal Association, IGA) бош директори доктор Марит Броммер ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мақсад – Ўзбекистонда геотермал энергетикани ривожлантириш истиқболлари ҳамда уни республика аҳолиси фаровонлиги йўлида қўллаш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат.
Халқаро Геотермал Ассоциация дунёнинг 110 дан ортиқ мамлакатидан экспертлар ва ташкилотларни бирлаштиради. IGA фаол иштирок этаётган йирик геотермал лойиҳалар Исландия, Индонезия, Туркия, Канада, Германия, Кения ва Хитойда амалга оширилмоқда.
Ассоциация геотермал энергетика соҳасидаги илғор тажрибаларни, стандартларни ва ҳамкорликни тарғиб қилувчи нейтрал глобал платформа бўлиб, халқаро иқлим ва экологик мақсадларга эришишга кўмаклашади.
Музокаралар чоғида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Б.Б. Сидиков Ўзбекистонда геотермал энергетикани ривожлантириш масаласини истиқболли йўналиш сифатида кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. У келажакда бу йўналиш энергетик барқарорликни оширишга, энергия манбаларини диверсификация қилишга ҳамда углерод изини камайтиришга ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини қайд этди.
Алоҳида эътибор геотермал энергияни электр энергияси ишлаб чиқариш, турар-жой ва саноат объектларини иситиш, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини қондириш ҳамда «яшил» энергетика лойиҳаларига интеграция қилиш масалаларига қаратилди. Бу жараёнда ҳозирда фойдаланилмаётган нефть-газ қудуқлари фондини ишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Доктор Марит Броммер ўз нутқида шундай деди: «Геотермал энергия – бу бизнинг оёқларимиз остидаги иссиқлик: доимо мавжуд, доимо маҳаллий. Агар аниқ йўл харитаси ишлаб чиқилса, Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи бўлиши, минтақанинг озиқ-овқат, сув ва энергетика эҳтиёжларини қондира оладиган ишончли энергия етказиб берувчига айланиши мумкин. Геотермал энергетика эса глобал иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим роль ўйнайди, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради ва углерод нейтрал келажак сари йўл очади».
Учрашув якунларига кўра IGA ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди. Гуруҳнинг вазифалари қаторига геотермал энергетика соҳасида халқаро тажрибани жорий этиш, нефть-газ сектори билан синергияни ривожлантириш ҳамда геотермал лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш киради.
Алоҳида эътибор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий «яшил» технологияларни интеграция қилиш масалаларига қаратилади.