«Ўзбекнефтгаз» ва «Citibank» молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
«Ўзбекнефтгаз» ва «Citibank» молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда АҚШнинг «Citibank» вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик 2021 йилда Жамиятнинг халқаро капитал бозоридаги илк еврооблигациялари чиқарилиши жараёнида бошланганини қайд этиш жоиз. Жараёнда «Citibank» ташкилотчи банклардан бири сифатида иштирок этган эди.
Мулоқотда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2025 йил якунлари бўйича молиявий натижалари, кредит рейтингидаги ижобий ўзгаришлар ҳамда компаниянинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек истиқболли ҳамкорлик йўналишлари, жумладан геология-қидирув ишлари, бурғилаш дастурлари ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар стратегик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидладилар.