Ўзбекистон–Япония: парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон–Япония: парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 декабрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ба-ишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18–20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар ва эришилган натижалар икки томонлама стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.
Парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар даражасида алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сенаторлар ўз чиқишларида “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида Токио декларацияси қабул қилинганлиги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек “яшил иқтисодиёт”, рақамли трансформация ва таълим соҳаларида стратегик ташаббусларни илгари суришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида парламент дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш ҳамда “Ўзбекистон–Япония” парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш устувор вазифа этиб белгиланди.