Ўзбекистоннинг Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙдаги вакили тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Анталия шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг маданият соҳаси бўйича қўмитасининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон делегациясига маданият вазири ўринбосари Муроджон Маджидов, Туркия томонидан эса маданият ва туризм вазири ўринбосари Батухан Мумжу раҳбарлик қилди.
Мажлисда маданият соҳасидаги икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда Туркия маданияти кунларини ўтказиш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази очилиш маросимида Туркия томонининг иштирокини таъминлаш, хусусан, Тошкентда Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси экспонатлари намойишини ташкил этиш, маданий таълим ва креатив иқтисодиёт соҳасида тажриба алмашиш, буюк туркий уламолар ва тарихий шахслар ҳақида видеофильм ва телесериаллар суратга олиш, Туркия архивлари ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид илмий ва маданий меросни ўрганиш, уларнинг факсимиль нусхаларини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос институти ҳамда Туркиянинг тегишли илмий муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Мажлис якунида томонлар давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада юқори даражага олиб чиқиш, туркий дунё маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш ва ёш авлодга бой маданий қадриятларни етказиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон делегацияси ташрифи давомида, шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ)нинг Анқарадаги бош қароргоҳида мамлакатимизнинг мазкур ташкилотдаги вакили этиб тайинланган Шавкатжон Ортиқовнинг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.
ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий мероси ва тарихида тутган ўрнига юқори баҳо берди. У мамлакатимиз билан олиб борилаётган ҳамкорлик йил сайин мустаҳкамланаётганини, хусусан сўнгги йилларда амалга оширилаётган қўшма маданий лойиҳалар сони ортиб бораётганини таъкидлади.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат доирасида туркий дунё билан маданий ҳамкорлик устувор йўналишга айланди. Ўзбекистон вакилининг ТУРКСОЙда расмий фаолият бошлагани, ташкилотнинг тўлақонли халқаро платформага айлангани ва туркий халқлар ўртасидаги тарихий, маънавий ҳамда маданий умумийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади", деди у.
Мазкур тайинлов билан Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги иштироки янги босқичга кўтарилди ва мамлакатимизнинг туркий маданий макондаги фаол иштироки янада кучайди. Бу эса нафақат Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси имкониятларини кенгайтиради, балки туркий халқлар ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлайди.