Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси январь ойида 5,8 млрд долларни ташкил этди
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси январь ойида 5,8 млрд долларни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь ойида республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 5,8 млрд АҚШ долларига етди ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1 318,6 млн АҚШ долларига ёки 29,2 % га кўпайди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар қилди.
ТСАда экспорт ҳажми 1 693,1 млн АҚШ долларига (2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26,7 % га ўсди) ва импорт ҳажми 4 137,4 млн АҚШ долларига (30,3 % ўсиш) етди. Ҳисобот даврида ташқи савдо баланси 2 444,3 млн АҚШ доллари миқдорида манфий сальдо билан шаклланди.
Ўзбекистон жаҳоннинг 145 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (27,9 %), Россия Федерацияси (18,7 %), Қозоғистон (7,1 %), Туркия (3,6 %) ва Афғонистон (2,4 %) ҳиссасига тўғри келди.
Экспорт таркибида товарлар улуши 56,2 % ни ташкил этиб, жумладан, саноат товарлари (18,1 %), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (10,0 %), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (10,0 %) ва ҳар хил тайёр маҳсулотлар ҳиссаси юқори (7,1 %) бўлди.
2026 йилнинг январь ойида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (19,2 %), Хитой (10,5 %), Афғонистон (8,1 %), Франция (6,1 %), Туркия (5,0 %), Қозоғистон (4,8 %), Қирғиз Республикаси (2,7 %), Тожикистон (2,7 %) ва БАА (2,4 %) каби давлатлар бўлди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 60,0 % дан ортиқни ташкил этди.
2026 йил январь ойида 106,8 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорти амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 % ёки 12,8 минг тоннага ошди.
2026 йил январь ойида 99,4 млн АҚШ долларига тенг мева ва сабзавотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 % га ўсди ва жами экспортдаги улуши 5,9 % ни ташкил этди.
2026 йил январь ойи якуни бўйича 216,5 млн АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 12,8 % ини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,0 % га ошди.
Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (51,4 %), ип калава (31,3 %) асосий улушни эгаллаган.
2026 йил январь ойида хизматлар экспорти ҳажми 742,1 млн АҚШ долларини ёки жами экспорт ҳажмининг 43,8 % ини ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 44,1 % га ўсди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши сафарлар (47,9 %), транспорт (35,9 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот (10,9 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (1,9 %) ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврга келиб импорт ҳажми 4 137,4 млн АҚШ долларига етди ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 30,3 % га ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (35,9 %), саноат товарлари (13,9 %) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (11,8 %) ҳисобига тўғри келди.
Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь ойида импорт қилинган товарлар ҳажми, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 869,4 млн АҚШ долларига кўпайди ва 3 694,4 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 443,0 млн АҚШ долларига етди.
2026 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси 125 дан ортиқ давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширди. Йирик ҳамкор давлатлар, жумладан, Хитой (35,0 %), Россия (18,5 %), Қозоғистон (8,0 %), Корея Республикаси (3,0 %), Туркия (3,0 %), Германия (2,3 %) ва Туркманистон (2,0 %) жами импортнинг 70,0 % дан ортиғини ташкил этди.
2026 йилнинг январь ойи якуни билан хизматлар импорти ҳажми 443,0 млн АҚШ долларини ёки жами импорт ҳажмининг 10,7 % ини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,3 % га ошди.
Хизматлар импорти таркибида асосий улуш сафарлар (56,2 %), транспорт хизматлари (18,7 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (10,2 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (8,7 %) ҳиссасига тўғри келди.