”Ўзбекистоннинг Жахон савдо ташкилотига қўшилиши: ташкилот қоидалари асосида экспортни амалга ошириш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 сентябр куни Савдо-саноат палатаси ҳамда Адлия вазирлиги томонидан экспорт фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари вакилларини Жахон савдо ташкилоти (ЖСТ) нинг экспорт бўйича қоида ва меъёрлари билан таништириш ҳамда экспорт соҳасидаги миллий қонунчиликдаги ўзгаришлардан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жахон савдо ташкилоти бўйича вакили А.Урунов, адлия вазири ўринбосари М.Истамов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Якубхўжаев, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Д.Расулов, шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Озиқ-овқат уюшмаси раислари ҳамда 30 га яқин экспортчи корхоналар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда А.Урунов ЖСТга аъзолик маҳаллий тадбиркорларга, хусусан, экспорт қилувчи корхоналарга бир қатор афзаллик ва имкониятлар олиб келиши, жумладан, мазкур ташкилотга аъзоликдан сўнг экспорт қилувчи корхоналарнинг жахон бозорларига кириш имконияти янада ошиши кутиллаётганини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, тадбир давомида қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
ЖСТ битимларининг экспортни амалга оширишдаги асосий қоидалари;
божхона қонунчилиги ва савдо-тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар;
экспорт билан боғлиқ санитария-эпидемиология, ўсимликлар карантини, ветеринария масалалари;
озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари;
интеллектуал мулк ҳуқуқларининг экспорт фаолиятидаги аҳамияти.
Семинар сўнгида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволларга мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан тегишли жавоблар олдилар.