Ўзбекистонлик ўқувчилар “Билимлар музёрари” VI халқаро илмий-маърифий лойиҳаси доирасидаги хорижий саралашда иштирок этишга таклиф этилмоқда
(photo Rosatom)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 28 апрелдан “Билимлар музёрари” VI халқаро илмий-маърифий лойиҳасининг хорижий иштирокчилари учун танлов бошланди. Бу йилги лойиҳа Россия атом саноатининг 80 йиллиги ва Шимолий денгиз йўлини ўзлаштиришга 500 йил тўлган санага бағишланган.
Танлов ғолиблари “Росатомфлот”нинг “Ғалабанинг 50 йиллиги” номли атом музёрар кемасида Арктикага экспедицияга жўнаб кетишади. У ерда уларни мазмунли таълим дастури кутмоқда: маърузалар, маҳорат дарслари, синовлар (квизлар) ва бошқа қизиқарли тадбирлар ташкил этилади.
Танловда 20 та мамлакатдан (Арманистон, Бангладеш, Беларус, Боливия, Бразилия, Венгрия, Ветнам, Гана, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Мўғулистон, Мянма, Намибия, Туркия, Ўзбекистон, ЖАР) 14-16 ёшли мактаб ўқувчилари иштирок этиши мумкин. Танлов саралаш жараёни https://goarctic.energy/ru/?utm_source=smi сайтида ўтказилади. Иштирок этиш учун аризалар 2025-йил 27-майгача қабул қилинади.
Танлов 3 босқичда ўтказилади ва 20-июнда якунланади. Шунда натижалар эълон қилиниб, Шимолий қутб экспедицияси учун халқаро жамоа шакллантирилади. Иштирокчиларнинг айримлари ўз мамлакатларидан Шимолий қутбга етиб борган илк вакиллар бўлиши кутилмоқда.
Россиялик иштирокчилар учун аввалроқ бошланган танлов polus.atom.online сайтида 2025-йил 5-майгача давом этади.
Маълумот учун:
"Билимлар музёрари" илмий-маърифий лойиҳаси Атом энергияси бўйича ахборот марказлари тармоғи (АЭАМТ) томонидан "Росатом" давлат корпорацияси кўмагида ташкил этилган. Лойиҳа табиий фанлар ва атом саноати технологияларини оммалаштириш, иқтидорли ва истеъдодли болаларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва касбий йўналиш танлашларида ёрдам беришга қаратилган. Лойиҳада дунёнинг турли мамлакатларидан 14-16 ёшли мактаб ўқувчилари қатнашмоқда. Уларнинг энг яхшилари "Ғалабанинг 50 йиллиги" номли атом музёрар кемасида Шимолий қутбга "Росатом"нинг илмий-маърифий экспедициясига йўл олиш шарафига эга бўлишади.
Олти йилдан буён “Билимлар музёрари” иқтидорли ва фаол ўсмирларга ўз ҳамфикрлари даврасида атом музёрар кемасида Шимолий қутбга унутилмас саёҳат қилиш имконини бериб келмоқда. Лойиҳа амалга ошганидан бери 350 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчи “Росатом”нинг Арктика экспедицияларида қатнашди. 2024 йилда “Билимлар музёрари” экспедицияси илк бор халқаро миқёсда ташкил этилди. Арманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус, Мўғулистон, Венгрия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикасидан келган 15 нафар ўқувчи ва мутахассисдан иборат жамоа “Ғалабанинг 50 йиллиги” номли атом музёрар кемасида Шимолий қутбга сафар қилди.
2025-йилда Россия атом саноати 80 йиллигини нишонлайди. СССР атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда дунёнинг пешқадами ва етакчиси эди: маҳаллий атомчилар дунёдаги илк атом электр станциясини қурганлар (1954-йил, Обнинск), Арктика фатҳчиларига ёрдам сифатида эса биринчи атом музёрар кемаси яратилган (1959-йил, "Ленин"). Бугунги кунда “Росатом” турли соҳаларда илғор технологияларни фаол ишлаб чиқиб, жорий этишни давом эттирмоқда. Давлат корпорацияси нафақат дунё бўйлаб ўнлаб мамлакатларда юз миллионлаб одамларни тоза энергия билан таъминловчи атом электр станцияларини қурмоқда, балки Шимолий денгиз йўлидаги логистик инфратузилмани ҳам қўллаб-қувватламоқда, янги материаллар ишлаб чиқармоқда, ядровий тиббиёт учун дори воситаларини ишлаб чиқмоқда ва яратмоқда. Юбилей йилининг асосий ғояси уч сўзда ифодаланади: фахр, илҳом ва орзу. Атомчилар соҳага асос солганлар жасоратидан фахрланишади, уларни олдинги авлод ютуқлари илҳомлантиради. Улар имкониятлар чегарасини кенгайтириб, янги чўққиларни забт этишни мақсад қилган. Соҳанинг 80 йиллик тантанаси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг энг муҳими кузда Москвада ўтказиладиган “World Atomic Week” халқаро форуми бўлиши кутилмоқда.
Шимолий денгиз йўли (ШДЙ) — Евроосиёнинг ғарбий қисми билан Осиё-Тинч океани минтақаси ўртасидаги энг қисқа кема йўналиши бўлиб, Россиянинг тарихан шаклланган миллий транспорт артериясидир. Шимолий денгиз йўли ҳақида илк маълумот 1525 йилга бориб тақалади, ўша пайтда рус дипломати Дмитрий Герасимов Шимолий Муз океани орқали кема йўналишидан фойдаланиш ғоясини илгари сурган. Бу ғоя Россия ва Хитой ўртасидаги денгиз алоқаларини ривожлантириш истиқболини очиб берди. Шу пайтдан Россиянинг Шимолий денгиз йўлини ўзлаштириш тарихи бошланди. 2025 йилда ушбу тарихий йўналиш ўзининг 500 йиллигини нишонлайди.
2018-йилда Россия Федерацияси ҳукумати "Росатом"га Шимолий денгиз йўли (ШДЙ) инфратузилма оператори ваколатларини берди. Корпорация "Шимолий денгиз йўлини ривожлантириш" федерал лойиҳасига раҳбарлик қилмоқда, шунингдек, 2035-йилгача бўлган Шимолий денгиз йўлини ривожлантириш режасини ҳамда Россия Федерацияси ҳукуматининг фармойиши билан тасдиқланган 2030-йилгача Россия Федерациясини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "Йил давомида ишлайдиган Шимолий денгиз йўли" ташаббусини амалга оширишда иштирок этмоқда.
Россия дунёда атом музёрар флотига эга бўлган ягона мамлакатдир. Флот оператори "Росатом" давлат корпорациясининг "Атомфлот" ФДУК корхонаси ҳисобланади. Бугунги кунда "Атомфлот" ФДУК музёрар флоти таркибида саккизта атом музёрар кема мавжуд.
"Росатом" ва унинг корхоналари таълим, илмий-маърифий ва маданий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, улар Россия олий таълим муассасаларида асосий кафедраларни ташкил этиш, стипендия дастурларини амалга ошириш, йирик таълим лойиҳаларини жорий этиш, талабалар учун амалиёт ва малака оширишни ташкил этиш ва кейинчалик уларни ишга жойлаштиришга кўмаклашмоқда.