Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2025 Ўзбекистон–Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш бўйича Истаклар баёни имзоланди

Ўзбекистон–Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш бўйича Истаклар баёни имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Германияга амалий ташрифи доирасида Саксония Анхалт федерал ўлкаси парламенти раиси Гуннар Шеленбергер билан учрашди. Учрашувнинг асосий натижаси сифатида икки томон ўртасида Ўзбекистон–Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш бўйича Истаклар баёни (Леттер оф Интент) имзоланди.

Мазкур ҳужжат келгусида Германиянинг Анхалт амалий фанлар университети ҳамкорлигида Ўзбекистонда янги, халқаро стандартларга жавоб берадиган университетни ташкил этишга қаратилган амалий қадамларни бошлашни назарда тутади. Ушбу университетни ташкил этиш орқали мамлакатимизда инженерлик, компьютер фанлари, сунъий интеллект ва халқаро бизнес йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун замин яратилади.

Гуннар Шеленбергер университетни "Ўзбекистон–Германия амалий фанлар университети" деб номлашни таклиф қилди ҳамда унинг Васийлик кенгашига Саксония Анхалт парламенти раиси сифатида шахсан иштирок этишга тайёр эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу университет битирувчиларининг Германияда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Музокаралар чоғида, шунингдек, университетни молиялаштириш, моддий-техник базасини шакллантириш ва халқаро ҳамкорлик механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг