Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 121,4 млрд долларга етди
Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 121,4 млрд долларга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 ноябрда Тошкентдаги “Renessans” кино уйида Миллий статистика тизимидаги ислоҳотларга бағишланган “Миллий статистикада янги босқич: шаффофлик ва халқаро стандартлар сари” халқаро конференция ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Жаҳон банки, ХВЖ, БМТнинг UNFPA ва FAO ваколатхоналари, вазирлик ва идоралар, халқаро экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Конференцияда Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев янги аниқланган ҳажмларни акс эттириш мақсадида ялпи ички маҳсулотни қайта ҳисоблаш натижалари борасида маълумот берди.
Унда таъкидланишича, якуний ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йил якуни билан республика ялпи ички маҳсулотининг номинал ҳажми амалдаги 1 454,6 трлн сўмдан 1 535,4 трлн сўм (80,9 трлн сўм)га ёки 5,6 % га ортди.
ЯИМ АҚШ доллари ҳисобида 115,0 млрд доллардан 121,4 млрд долларга етди.
Шунингдек, қайта ҳисоблашдан сўнг, 2024 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 41,3 млн сўмни ташкил этди.
2024 йил учун давлат бюджети ижросининг тўлиқ қамрови таъминланиши натижасида 36,4 трлн сўм янги қўшилган қиймат аниқланди.
Саноат соҳаси бўйича 2024 йил учун қўшилган қиймат ҳажми 12,7 трлн сўмга ошди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида 5,6 трлн сўм, қурилишда 10,3 трлн сўм ва хизматлар соҳасида 16,3 трлн сўм миқдорида ялпи қўшилган қиймат қўшимча ҳисобланди.