Валюта курслари 23/09/2025
$1 – 12257.13
UZS – -0.75%
€1 – 14434.00
UZS – -0.62%
₽1 – 146.69
UZS – -0.99%
Қидириш
Ўзбекистонда тўловли йўллар тармоғини яратиш учун ҳуқуқий асос тайёрланмоқда

Ўзбекистонда тўловли йўллар тармоғини яратиш учун ҳуқуқий асос тайёрланмоқда

Ўзбекистонда тўловли йўллар тармоғини яратиш учун ҳуқуқий асос тайёрланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасида “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизмини жорий этиш, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатиляпти.

Лойиҳада коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти ҳам киритиляпти. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солиняпти. Қолаверса, ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратиляпти. Пулли автомобиль йўлларини қуришга фақатгина муқобил бепул ҳаракатланиш йўли мавжуд бўлгандагина рухсат берилиши таклиф этиляпти.

Шу билан бирга, пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори автомобиль йўллари фойдаланувчиларининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши лозимлиги назарда тутиляпти.

Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, ҳужжат матни такомилига етказилгани алоҳида қайд этилди.

Лойиҳада белгиланаётган нормалар йўл сифатини яхшилаш орқали мавжуд автомобиль йўллари тармоғини узоқ вақтгача соз ҳолда сақлаб туриш, пулли йўллар тармоғини барпо этиш, соҳага тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг