Ўзбекистонда тўлов иловаларига бошқа шахсларга тегишли банк карталарини боғлаш тақиқланди
Ўзбекистонда тўлов иловаларига бошқа шахсларга тегишли банк карталарини боғлаш тақиқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Click, Paynet ва бошқа мобил тўлов иловаларидан фойдаланишга доир янги талаблар жорий этилди. Ушбу ўзгаришлар киберхавфсизлик даражасини ошириш ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Адлия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 21 январда 3759-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга мувофиқ, фойдаланувчи аккаунтига фақат фойдаланувчининг ўзига ёки унинг яқин қариндошларига тегишли бўлган банк ҳисобварақлари, банк карталари ёки электрон ҳамёнларни боғлашга рухсат этилади. Бундай аккаунт орқали P2P-ўтказмаларни амалга ошириш ҳам фақат шу чекловлар доирасида мумкин.
Мобил илова орқали рўйхатдан ўтиш ва банк картасини боғлаш жараёнида телефон рақами билан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами — ПИНФЛ мослиги мажбурий тарзда текширилади. Мослик аниқланмаган тақдирда фойдаланувчини рўйхатдан ўтказиш ва картани боғлашга йўл қўйилмайди.
Кредит ва тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларни «жонлилик» омилларини қўллаган ҳолда биометрик идентификациядан ўтказишга мажбур. Бу шахсни фотосуратлар ёки бошқа статик тасвирлар орқали тасдиқлаш имкониятини истисно этади.
Қўшимча ҳимоя чораси сифатида, 1 марталик СМС хабар 3 маротаба нотўғри киритилганда, фойдаланувчининг мобил иловадаги ҳаракатлари 15 дақиқа давомида вақтинча чекланади. Мобил иловадаги аккаунтга бошқа қурилмадан кириш ёки унинг паролини қайта тиклашда ушбу аккаунтга боғланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади.
Шунингдек, ушбу қурилмада банк карталари бўйича молиявий операциялар тарихи ўчириб юборилади.
Бунда, банк карталарини бириктириш биометрик идентификациядан ўтказилган ҳолда амалга оширилади.