Валюта курслари 22/07/2025
$1 – 12603.52
UZS – 0.2%
€1 – 14676.80
UZS – 0.3%
₽1 – 160.94
UZS – 0.39%
Қидириш
Иқтисод 22/07/2025 Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йилнинг биринчи ярмида 6,6 фоизга ўсди

Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йилнинг биринчи ярмида 6,6 фоизга ўсди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан 488,5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Физик ҳажм индекси 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 106,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республикада 59,0 мингта саноат корхоналари фаолият юритиб келмоқда. Асосий иқтисодий фаолият турлари кесимида тақсимланганда юқори улуш – 11,9 мингтаси (фаолият кўрсатаётган корхоналар умумий сонининг 20,2 % и) озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, 8,5 мингтаси (14,4 %) бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, 6,1 мингтаси (10,3 %) кийим ишлаб чиқаришга, 4,7 мингтаси (8,0 %) машина ва ускуналардан ташқари тайёр металл буюмлар ишлаб чиқаришга, 4,1 мингтаси (6,9 %) мебель ишлаб чиқаришга, 3,7 мингтаси (6,2 %) тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ва 2,7 мингтаси (4,7 %) резина ва пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришга тўғри келмоқда.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида республика корхоналари томонидан 488,5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2024 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажми индекси 106,6 % ни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тақсимланиши, йирик саноат корхоналари жойлашганлиги ҳисобига Навоий вилоятида (79 578,8 минг сўм), Тошкент шаҳрида (29 108,0 минг сўм), Тошкент вилоятида (23 104,7 минг сўм), Андижон вилоятида (13 926,4 минг сўм) ўртача республика даражаси кўрсаткичидан (12 957,9 минг сўм) сезиларли даражада юқорилигини кўрсатмоқда.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида саноат ишлаб чиқариши таркибида энг катта улуш ишлаб чиқарадиган саноат ҳиссасига тўғри келиб, 415,6 трлн сўмни, жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши (85,1 %)ни ташкил этган ҳолда тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашда 36,7 трлн сўм (7,5 %), электр газ буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашда 33,6 трлн сўм (6,9 %) ҳамда сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишда 2,7 трлн сўм (0,5 %)ни ташкил этди.Шунингдек, республикада аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 104,5 % ни ташкил этган бўлса, Жиззах вилоятида 109,9 %, Навоий вилоятида 107,5 %, Хоразм вилоятида 107,3 % қайд этилиб республика кўрсаткичидан анча юқори натижа маълум бўлмоқда.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида республикада 575,6 минг тонна автомобиль бензини (2024 йилнинг январь-июнь ойига нисбатан 14,8 % га камайган), 327,8 минг тонна ип калава (1,3 % га кўпайган), 539,9 минг тонна юмшоқ буғдой ва спелта уни (17,5 % га кўпайган), 557,5 минг тонна дизель ёқилғиси (10,4 % га кўпайган), 3 074,7 минг тонна кўмир (16,5 % га кўпайган), 323,8 минг тонна нефть (11,2 % га камайган), 21 785,8 млн куб метр (3,1 % га камайган) таббий газ ҳамда 9 158,2 минг тонна портландцемент (18,4 % га кўпайган) ишлаб чиқарилган.

Ишлаб чиқарадиган саноат таркибида озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши – 19,2 % (2024 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан физик ҳажм индекси 107,2 %), тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг улуши – 16,7 % (2024 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан физик ҳажм индекси 109,3 %), машина ва ускуналардан ташқари тайёр металл буюмлар, компьютерлар, электрон ва оптик маҳсулотлар, электр ускуналар, бошқа тоифаларга киритилмаган машина ва ускуналар, автотранспорт воситалари, трейлерлар ва ярим тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари ишлаб чиқариш ва машина ва ускуналарни таъмирлаш ва ўрнатишнинг улуши – 18,5 % (2024 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан физик ҳажм индекси 109,7 %) ҳамда кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмларини ишлаб чиқаришнинг улуши – 7,0 % (2024 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан физик ҳажм индекси 99,3 %)ни ташкил этди.

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технологияли тармоқнинг улуши 1,0 % ни (2024 йилнинг январь-июнь ойларида 1,3 %), ўрта-юқори технологияли – 19,7 % (23,1 %), ўрта-қуйи технологияли – 38,9 % (38,4 %), қуйи технологияли 40,3 % (37,2 %)ни ташкил этган.

Автомобиль ишлаб чиқариш саноатида 2025 йилнинг январь-июнь ойларида 73 102 дона “Cobalt” (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 % га ошди) 4 131 дона “Chery” (0,7 % га камайди), 11 763 дона “KIA” (26,9 % га ошди), 45 992 дона “Damas” (18,1 % га ошди), 23 351 дона махсус енгил автомобиллар (82,4 % га ошди), шунингдек, 22 847 дона “Tracker” (6,3 % га ошди), 17 249 дона “Onix” (1,0 % га камайди), 3 538 дона “Haval” (6,5 мартага ошди) ва 7 000 дона “BYD” автомобиллари ишлаб чиқарилди.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан электрэнергия ишлаб чиқариш 106,6 % ни, йирик корхоналар томонидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш эса 89,3 % ни ташкил этди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тўқимачилик чиқиндиларида 30,0 % га кўпайиш, оқова сувларни йўқотиш, транспортировка қилиш ва ишлов бериш бўйича хизматларда 5,9 % га кўпайиш кузатилди. Шунингдек, ахлат ўраларни, тиндиргичларни ва септикларни бўшатиш, тозалаш ва ишлов бериш бўйича хизматларда 2,6 % га кўпайиш кузатилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг