Ўзбекистонда қурилиш компанияси турар-жой мажмуасини ноқонуний реклама қилгани учун жаримага тортилди
Ўзбекистонда қурилиш компанияси турар-жой мажмуасини ноқонуний реклама қилгани учун жаримага тортилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қурилиш компаниясига реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузгани учун молиявий жарима қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 27-майдаги ПҚ-4732-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисидаги низомга мувофиқ, Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритмаган ҳолда қурилиш объектларини реклама қилиш тақиқланади.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганишларда “Glamur Gold МЧЖ қурилиш корхонасининг қурилиш мажмуалари электрон рўйхатга киритилмаганлиги, бироқ ушбу турар жой мажмуаси ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Ишни кўриб чиқиш якунларига кўра Қўмитанинг Махсус комиссияси «Glamur Gold» МЧЖни қонунчилик талабларини бузган деб топди ва компанияга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, қурилишчига аниқланган қонунбузилишни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.