Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Иқтисод 17/08/2025 Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 5,1 фоизга тушди

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 5,1 фоизга тушди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 фоиз пунктга камайганини кўрсатади.

Мамлакатнинг меҳнат ресурслари 20,3 миллион кишини ташкил этади. Шундан 15,4 миллион киши иқтисодий фаол аҳолига, 4,9 миллион киши эса иқтисодий нофаол аҳолига тўғри келади. Иқтисодий фаол аҳоли орасида 14,6 миллион киши иш билан банд, 781,6 минг киши эса ишсиз сифатида рўйхатга олинган.

Вазирлик маълумотларига кўра, расмий ишга жойлашганлар сони қарийб 8 миллион кишини ёки 55 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 19 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, 4,8 миллион киши (33 фоиз) норасмий ишлаб келмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 13,6 фоизга кам. 1,8 миллион киши (12 фоиз) эса хорижда меҳнат қилмоқда.

Иқтисодий нофаол аҳоли ичида 2 миллион киши (41 фоиз) таълим олаётган бўлса, 2,2 миллион киши (44 фоиз) икки ёшгача бола парвариши таътилида.

Яна тахминан 0,8 миллион киши ишлашни истамайди ёки иш топиш имкониятига эга эмас.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг