Ўзбекистонда HKC иштирокида дисплей ва телевизорлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг йирик дисплей технологиялари ишлаб чиқарувчиси — HKC компанияси президенти ёрдамчиси Френк Баи ҳамда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М. Юнусов ва Artel компанияси раҳбарияти иштирокида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
HKC компанияси – 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, яримўтказгич дисплей технологияларига ихтисослашган глобал ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Компания дисплей ишлаб чиқариш бўйича дунёда 3-ўринни эгаллайди ва 45 дан зиёд глобал офисларга эга.
Шу билан бирга, HKC энергия ишлаб чиқариш, нодир металларни қайта ишлаш ва юқори технологик саноатларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компаниянинг 100 минг тоннадан ортиқ ўта юпқа мис фольгаси ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.
Учрашувда HKC билан ҳамкорликда Ўзбекистонда телевизор ва дисплей ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва шу орқали Европа ҳамда ривожланган бошқа мамлакатларга экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.