Ўзбекистонда ҳаж ва умра зиёратчилари рўйхатдан ўтиши учун ягона онлайн-портал ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда “Ҳаж ва Умра ягона портали” номли янги электрон платформа ишга туширилди. Ушбу портал орқали фуқаролар ҳаж сафарида иштирок этиш учун электрон тарзда ариза топшириш имконига эга бўлади.
Портални яратишдан мақсад — зиёратчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада қулай ва шаффоф қилиш, шунингдек, навбат шакллантиришда инсон омилини бутунлай бартараф этишдан иборат.
Портал орқали ҳажни адо этиш ниятида бўлган фуқаролар учун ягона электрон навбат тизими яратилади ҳамда аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади.
Эндиликда зиёратчилар уйларидан чиқмасдан туриб, масофадан рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бу орқали ташкилотларга шахсан бориш, ҳужжат тўплаш ва турли бюрократик жараёнлардан ўтиш зарурати йўқолади.
Аризани икки йўл билан топшириш мумкин — Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ёки haj-umra.gov.uz сайтида.