Валюта курслари 19/06/2025
$1 – 12618.63
UZS – -0.39%
€1 – 14516.47
UZS – -0.85%
₽1 – 160.83
UZS – -0.2%
Қидириш
Ўзбекистон 04/05/2025 Ўзбекистонда гибрид автомобиллар учун экологик сертификатлаштириш: сенатор изоҳ талаб қилмоқда

Ўзбекистонда гибрид автомобиллар учун экологик сертификатлаштириш: сенатор изоҳ талаб қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов номига расмий сенаторлик сўрови йўллади.

Мурожаат сабаби — мамлакат ҳудудига олиб кирилаётган гибрид автомобилларнинг экологик сертификатлаштирилиши билан боғлиқ туғилаётган саволлар ва тушунмовчиликлардир. 
Сўнгги кунларда Ўзбекистонга олиб кирилаётган гибрид автомобилларни божхонада расмийлаштириш жараёнида “Евро-4” экологик тоифасидан кам бўлмаганлигини тасдиқловчи экологик сертификат талаб этилаётгани жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ушбу транспорт воситалари “Евро-5” ёки “Евро-6” экологик стандартларига жавоб берадиган электродвигателлар билан жиҳозланган ҳолда мамлакатимизга олиб кирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 50-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда экологик сертификатлаш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра, аккредитациядан ўтган синов лабораторияси мавжуд бўлганда, экологик хавфсизлик мезонларига мувофиқлик текширилиши керак. Агар лаборатория мавжуд бўлмаса, транспорт воситаси идентификация йўли билан баҳоланиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарорида “гибрид автомобиль” тушунчаси аниқ белгилаб берилган. Уларни умумий “М” ва “N” тоифаларига тенглаштириш масаласи ҳам баҳсли ҳисобланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимовга:

- республикамизда фаолият олиб бораётган экологик  сертификатлаш органининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фаолиятини тартибга солиш тартиб-таомиллари;

- автомобилларни экологик стандартдан ўтказувчи аккредитациядан ўтган синов лабораториялари, уларнинг моддий-техник базаси, автомобилларни синовдан ўтказиш қамрови ва имкониятлари;

- электродвигателлар билан жиҳозланган гибрид автомобилларни расмийлаштириш жараёнида экологик сертификат олиш тўғрисидаги талабнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари;

- aризани кўриб чиқиш, экологик сертификатлаш жараёнини амалга ошириш ва экологик сертификат бериш ёки уни беришни рад этиш юзасидан ишлар қиймати бўйича белгиланган тўлов миқдори масалаларига аниқлик киритиш бўйича тушунтириш бериш сўраб сенатор сўрови юборди.

Мазкур сенатор сўрови орқали мавжуд тартибнинг таъминланиши, жорий этилган амалий механизмларда шаффофликка эришиш ҳамда тадбиркорлар ва фуқароларнинг ортиқча қийинчиликларга ва оворагарчиликка дуч келмаслиги мақсади назарда тутилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг