Ўзбекистон Халқаро ядро энергияси саммитида иштирок этди
Ўзбекистон Халқаро ядро энергияси саммитида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 март куни Парижда Халқаро Атом энергияси агентлиги (ХАЭА) шафелигида Ядро энергетикаси бўйича иккинчи халқаро саммит (Nuclear Energy Summit 2026) бўлиб ўтди.
Тадбир 2024 йил 21 март куни Брюсселда бўлиб ўтган биринчи Саммитнинг давоми сифатида Франция Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этилди.
Халқаро саммитда Ўзбекистон Республикаси делегациясига «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев бошчилик қилди.
Саммитда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари раҳбарлари, ядро саноати вакиллари, етакчи экспертлар иштирок этди. Иштирокчилар атом энергетикасининг декарбонизация мақсадларига эришиш, глобал энергетика муаммоларини ҳал қилиш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги асосий ўрнини кўриб чиқдилар.
Ядро энергетикаси бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. У дунёдаги электр энергияси ишлаб чиқаришнинг деярли 10 фоизини ташкил қилади ва кўплаб мамлакатлар уни асосий энергия манбаи ва барқарор паст углеродли ишлаб чиқаришни таъминлаш учун қайта тикланадиган манбаларга энг ишончли қўшимча сифатида кўришади.
Саммитдан кўзланган мақсад атом энергетикасини хавфсиз ва барқарор ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва атом саноати тармоғи ўртасида янги ташаббус ва шерикликни рағбатлантиришдан иборат.
ХАЭА бош директори Рафаэл Гросси саммит ишида фаол иштирок этиш билан биргаликда, муҳим баёнот билан чиқди. Тадбирни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан биргаликда юқори малакали техник экспертиза тақдим этди, панель сессиялари ва давра суҳбатларида чуқур ва мазмунли мунозараларни шакллантиришга ҳисса қўшди. Ушбу муҳокамаларда ядровий технологиялар, ядровий ва радиациявий хавфсизлик, молиялаштириш механизмлари, инновацион ечимлар ва глобал ҳамкорлик соҳасидаги энг долзарб ютуқлар акс эттирилди.
Жаҳон етакчиларининг нутқлари ушбу тадбирда, атом энергетикасининг глобал энергетика, хавфсизлик ва иқлим келажаги учун стратегик ролига ишонч ортиб бораётганини яққол кўрсатди.
Франция президенти Эммануэл Макрон форумни очар экан, хавфсизликни таъминлашда эришилган ютуқларни таъкидлади. "Фукусима давридан бери хатолар устида иш олиб борилди ва ҳозир ишонч билан айтиш мумкинки, атом хавфсиз". У атом ортида ҳақиқий келажак борлигини таъкидлаб, инновацион технологиялар - кичик модулли реакторларни (КМР) алоҳида таъкидлаб, "Айниқса, КМР қизиқиш уйғотмоқда, бунинг ортида келажак турибди ва биз буни албатта Францияда амалга оширамиз", деди. Президент Макрон ядровий таъминот занжиридаги халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб, "...Ўзбекистон, Мўғулистон, Қозоғистон каби уран ишлаб чиқарувчи давлатлар билан таъминот занжирларини ривожлантириш ва уранни бойитиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича алоҳида муносабатларни ривожлантиришимиз керак", дея таъкидлади.
Янги ядровий технологияларни ишончли ривожлантиришнинг ушбу йўналишини Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляен давом эттирди, у айнан КҚАЭСга эътибор қаратди. У 2030 йилларнинг бошидаёқ ушбу технологияларни ишга тушириш мақсадида уларни жадал жорий этиш бўйича янги Европа стратегиясини тақдим этиб, ўтмишда фуқаролик ядро энергиясидан воз кечиш стратегик хато бўлганини ва Европа атом саноатини глобал тиклашда фаол иштирок этиш ниятида эканлигини таъкидлади.