Ўзбекистон Халқаро маслаҳат кенгаши билан ислоҳотлар натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган режаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон Халқаро маслаҳат кенгаши билан ислоҳотлар натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган режаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори Баходир Рахматов Халқаро маслаҳат кенгаши аъзолари – Алфред Гузенбауэр, Александр Квасневский ва Штефан Фюле билан онлайн мулоқот ўтказди.
Суҳбатда мазкур кенгаш билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Халқаро маслаҳатчилар тавсиялари бир қатор ҳужжатларда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрда қабул қилинган ПФ-186-сон Фармонида ўз ифодасини топди. Бошқа таклифлар эса Пенсия ислоҳотлари концепцияси, Демографик сиёсат стратегияси каби ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларига киритилди.
Жорий йилда Ўзбекистон делегациясининг Австрия, Полша ва Чехияга, Халқаро маслаҳат кенгаши аъзоларининг юртимиз ҳудудларига амалий ташрифлари ташкил этилди. Улар асосида «ақлли» инфратузилма, минтақавий кооперация, туризм, таълим каби йўналишларни ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилди.
Халқаро маслаҳат кенгаши Ўзбекистондаги асосий ислоҳотларни, шунингдек, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланганини юқори баҳолаб, бу алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун асос бўлишини таъкидлади.
Мулоқотда ўзаро ҳамкорликнинг 2026 йилга мўлжалланган истиқболлари ва янги йўналишлари кўриб чиқилди.