Ўзбекистон вазири Япония элчиси билан учрашиб, сармоявий ва саноат кооперациясини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Япония Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Такаши Хатори билан учрашди.
Суҳбат давомида сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 54% га ошгани таъкидланди. Бу кўрсаткич савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда япон капитали иштирокидаги 108 та компания фаолият юритиб, турли соҳаларда лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Элчи Хаторининг давлатлараро мулоқотни ривожлантириш, инвестиция ташаббусларини амалга ошириш ҳамда саноат, энергетика ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни илгари суришда фаол ҳиссаси қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар эришилган натижаларни юқори баҳолаб, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга ишонч билдирдилар.