Ўзбекистон ва ЮНEСКО: олий таълим соҳасидаги глобал ҳамкорликнинг янги босқичи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25 июнь куни Париж шаҳридаги ЮНEСКО штаб-квартирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ЮНEСКО бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жанини хоним билан учрашди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси ва ЮНEСКО ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, жумладан, таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг Олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга қўшилиши муносабати билан ташкил этилди.
Томонлар ўртасидаги мулоқотда Ўзбекистонда охирги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, таълимга йўналтирилаётган давлат харажатлари йил сайин орттирилаётгани, миллий ва халқаро аккредитация тизимлари жорий этилаётгани, педагогларни тайёрлаш тизими янгилангани, рақамлаштириш ва STEM кўникмаларини кенг жорий қилиш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Глобал конвенцияга қўшилиши бўйича миллий ратификация жараёнлари якунланаётгани ва 2025 йилда расман ушбу ҳужжатга қўшилиши маълум қилинди. Бу билан Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида мазкур халқаро конвенцияни қабул қилган биринчи давлатга айланади.
Учрашув якунида томонлар ЮНEСКО ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, таълим соҳасидаги халқаро мезон ва ёндашувларни Ўзбекистон таълим тизимида босқичма-босқич жорий этишга тайёр эканликларини билдирдилар.