Ўзбекистон ва Япония қўшма фармацевтика лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Япония делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташрифдан асосий мақсад - Ўзбекистон бозорини ўрганиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация таркибига "Pharmaceutical Cooperative Union in NARA" ва унинг қуйидаги етакчи компаниялари вакиллари кирди: Shinsei Pharmaceutical Industry Co., Ltd, Daibutsudo Pharmaceutical Co., Ltd, SATO YAKUHIN KOGYO Co., Ltd, TAMURA PHARMACEUTICAL CO., LTD, Yamato Godo Pharmaceutical Co., Ltd.
Агентлик директори Абдулла Азизов билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий дори воситаларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш ва импортга боғлиқликни камайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нафaқат маҳсулот тайёрлаш, балки уни сотиш жараёнида ҳам хорижий ҳамкорларни жалб этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашув самимий ва ишбилармонлик муҳитида ўтди ҳамда томонлар келгусида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.