Ўзбекистон ва Хитой қишлоқ хўжалигига ақлли технологияларни жорий этишни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Куни кеча Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Хитой Халқ Республикасининг бир нечта етакчи компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида «ақлли» технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда “Ақлли деҳқон хўжалиги”ни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашнинг барча босқичларида Хитойнинг сунъий интеллект асосидаги илғор ечимларини Ўзбекистонда қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, пилот экин майдонларини ажратиш, инвестиция киритиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, шунингдек, миллий ахборот тизимлари билан бир қаторда хорижий рақамли платформалардан фойдаланиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ресурс тежамкор технологиялар, дронлар ёрдамида агротехник жараёнларни автоматлаштириш ва ХХРнинг замонавий агротехнологияларидан фойдаланиш юқори самарадорликни таъминлаётгани алоҳида таъкидланди.