Ўзбекистон ва Хитой босма электрон платалар ишлаб чиқариш истиқболларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Хитой босма электрон платалар ишлаб чиқариш истиқболларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмасига Хитой Халқ Республикасининг электротехника ва электроника соҳасида фаолият юритувчи бир қатор компаниялари вакиллари ташриф буюрди.
Жумладан, ташриф доирасида "Shenzhen Welldone Circuit", “Shenzhen Longx Development”, “Jian Geman Electric”, “Shenzhen Premium Tech” ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Ташриф доирасида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов хорижий делегация билан музокаралар олиб борди. Хусусан, Ўзбекистонда босма электрон платалар (ПСБ) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари бўйича “Shenzhen Welldone Circuit” компанияси бош директори Зенг Рундинг ҳамда компаниянинг техник директори Лиу Ҳуиҳуанг билан батафсил фикр алмашилди.
Музокаралар давомида босма платалар ишлаб чиқариш технологиялари, халқаро сифат ва хавфсизлик стандартлари, муҳандислик ечимлари ҳамда мазкур йўналишда Ўзбекистон саноат инфратузилмасининг имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, электротехника, саноат автоматикаси, автомобиль электроника ва қайта тикланувчи энергетика тармоқларида босма платаларга бўлган эҳтиёж масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалаларини қўшимча ўрганиш, техник ва иқтисодий жиҳатларни таҳлил қилиш ҳамда келгусида мумкин бўлган ҳамкорлик шакллари юзасидан мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.