Валюта курслари 12/03/2026
$1 – 12135.76
UZS – -0.18%
€1 – 14067.77
UZS – -0.7%
₽1 – 153.40
UZS – -0.38%
Қидириш
Ўзбекистон ва ХАЭА ядро энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ХАЭА ядро энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ХАЭА ядро энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Атом энергияси агентлиги директори A.Axmedxadjayevning ХАЭА Бош директори Рафаэл Гросси билан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг барқарор ривожланаётгани ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”нинг ижро этилишини қайд этдилар.

Р. Гросси Ўзбекистоннинг миллий ядро инфратузилмасини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатнинг атом энергетикасини халқаро стандартлар ва ХАЭА тавсияларига мувофиқ ривожлантиришга доир изчил ёндашувини ижобий баҳолади. У Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу ишлар учун зарур шароитларни яратганини алоҳида таъкидлади.

Асосий эътибор 2026 йилнинг иккинчи ярмига режалаштирилган ИНИР (Ядровий инфратузилмани интеграциялашган ҳолда кўриб чиқиш) миссиясининг навбатдаги босқичига тайёргарлик кўришга қаратилди. Ташриф доирасида ХАЭА мутахассислари Жиззах вилоятида АЭС қурилиши лойиҳасининг боришини ўрганадилар. Р. Гросси ушбу миссияга тайёргарлик даражасини юқори баҳолаб, унинг Ўзбекистон атом дастурини амалга оширишда муҳим босқич бўлишини қайд этди.

Томонлар, шунингдек, лойиҳанинг амалий босқичи - мамлакатдаги биринчи АЭСнинг Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилиш майдончасида илк бетон қуйиш ишларини бошлаш масаласини муҳокама қилдилар. Р. Гросси лойиҳанинг аҳамияти ва унинг ўзига хос жиҳати – ягона мажмуа доирасида катта ва кичик қувватли реакторларни интеграция қилиш режалаштирилаётганига эътибор қаратди.

Учрашув якунида ХАЭА Бош директори Агентлик Ўзбекистоннинг ядровий дастурини амалга оширишини қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини тасдиқлади. У илк бетон қуйиш ишларини бошлаш маросимида иштирок этиш таклифини қабул қилди.

Шунингдек, томонлар ХАЭА Котибиятидаги ўзбекистонлик мутахассислар сонини кўпайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бундай қадам миллий тажрибани халқаро лойиҳаларга янада самаралироқ интеграция қилиш имконини беради ва мамлакатнинг атом соҳасидаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва ХАЭА ҳамкорлиги – бу ишонч, масъулият ва келажакка интилиш тимсолидир. Мамлакатимиз энг илғор технологиялар ва юксак хавфсизлик стандартларига қатъий содиқликка таянган ҳолда, тинч атом йўлидан ишонч билан одимламоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг