Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари ҳамкорликни фаоллаштиради
Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари ҳамкорликни фаоллаштиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Ашхобод шаҳри ҳокими Рахим Гандимов билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.
Суҳбат давомида ўзбек-туркман муносабатлари сўнгги йилларда барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, айниқса Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар шаҳарлар ўртасидаги биродарлик муносабатлари тўғрисидаги битимни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда делегациялар алмашинувини фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар тадбирларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Ашхободдаги “Тошкент” ҳамда Тошкентдаги “Ашхобод” истироҳат боғлари икки халқ ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзи экани қайд этилди. Жорий йилда икки давлатнинг муҳим саналарига бағишланган маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар халқаро тадбирларда ўзаро иштирокни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.