Ўзбекистон ва Туркманистон Энергетика вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Туркманистон Энергетика вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Туркманистон Республикаси Энергетика вазири Аннагелди Сапаров ҳамда «Turkmengaz» миллий нефть-газ компанияси раиси Максад Бабаев билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда шунингдек, ёқилғи-энергетика компаниялари раҳбарияти ва масъуллари иштирок этди.
Учрашувда икки дўст ва қардош мамлакатлар раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар туфайли барча соҳалар қатори ёқилғи-энергетика соҳасида ҳам икки томонлама ҳамкорлик алоқалари изчил ва самарали ривожланаётгани таъкидланди.
Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича икки томонлама келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилингани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда ёқилғи-энергетика соҳасидаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича икки мамлакат раҳбарлари белгилаб берган вазифаларни биргаликда самарали ташкил қилишга келишиб олинди.