Ўзбекистон ва Туркия миграция соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегациясининг Анқарага хизмат сафари доирасида жорий йилнинг 27 октябрь куни Туркия Ички ишлар вазирлигида учрашув бўлиб ўтди.
Туркия Ички ишлар вазири ўринбосари М. Оқтош таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида, айниқса ички ишлар соҳасида, яқин алоқалар йўлга қўйилган.
Учрашув давомида турк томони Ўзбекистон фуқароларига Туркияга бошқа турдаги визалар асосида кирган ҳолда мамлакатдан чиқмасдан туриб меҳнат рухсатномасини олиш имкониятини тақдим этиш масаласини ўрганиб чиқишини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун электрон меҳнат визаларини жорий этиш, ноқонуний яшаётган шахслар бўйича ягона электрон маълумотлар базасини яратиш устида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек икки мамлакат ички ишлар вазирликлари ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва фуқароларни Ватанга қайтариш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлик билдирилди.