Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 14 август куни Сўғд вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ёқилғи-энергетика компаниялари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Учрашувда дўст ва қардош давлатлар раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг ташаббуслари билан бошланган икки томонлама ҳамкорлик алоқалари бугунги кунда барча соҳаларда, жумладан, энергетика соҳасида ҳам жадал ва самарали ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Музокаралар давомида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, томонлар 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсуми учун энергетика тизимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, “Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайта уланиш” лойиҳаси доирасида юзага келадиган техник масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг бугунги даражасидан мамнун эканликларини билдирдилар ҳамда икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида қардошлик ва стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.