Валюта курслари 07/11/2025
$1 – 12022.92
UZS – 0.44%
€1 – 13843.19
UZS – 0.69%
₽1 – 148.14
UZS – 0.37%
Қидириш
Ўзбекистон ва Talos Capital венчур капитали бўйича ҳамкорликка келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Talos Capital венчур капитали бўйича ҳамкорликка келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Talos Capital венчур капитали бўйича ҳамкорликка келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси АҚШда халқаро венчур ҳамкорлигини ривожлантириш ва ўзбек стартапларининг жаҳон бозорига чиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик учрашувларни давом эттирмоқда.

Ташриф доирасида “Talos Capital” билан стратегик учрашув ўтказилди. Ушбу Америка венчур компанияси сунъий интеллект, DeepTech, киберхавфсизлик, мудофаа технологиялари, саноат 4.0 ва финтеч соҳаларида бошланғич босқичлардаги инвестицияларга ихтисослашган.

Учрашувда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, IT Park Uzbekistan бош директори Абдулахад Кучкаров, “Talos Capital” бошқарувчи ҳамкори Нир Нетзер ва “Talos Capital” лойиҳалар директори Пол Шиҳан иштирок этди.

Музокаралар давомида томонлар венчур инвестициялари ва стартап акселерация соҳасидаги тизимли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. “Talos Capital” Ўзбекистоннинг миллий стартаплар захирасини ўрганиш ва ўз инвестиция йўналишларига мос келадиган истиқболли технологик компанияларни биргаликда баҳолашга қизиқиш билдирди. IT Park Uzbekistan билан ҳамкорликда лойиҳалар алмашинувининг тузилмавий механизмини яратиш ва стартапларни келишилган ҳолда эксперт баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Talos Capital” компаниясининг Ўзбекистондаги қўшма инвестиция ташаббусларида, жумладан, “Digital Startups Program” дастурида иштирок этиш имконияти кўриб чиқилди. Бунда молиявий текширув ўтказиш, биргаликда сармоя киритиш моделларини ишлаб чиқиш ва инвестицияларни дастлабки босқичларда жадаллаштириш масалалари мувофиқлаштирилиб борилади.

Учрашувнинг асосий мавзулари қаторида Ўзбекистон бозорига киришни режалаштираётган “Talos Capital” портфель компаниялари учун софт-ландинг имкониятларини қўллаб-қувватлаш ҳам муҳокама қилинди. Бу IT Park инфратузилмасидан фойдаланиш, тартибга солиш масалалари бўйича маслаҳатлар олиш, маҳаллий корхоналар билан пилот лойиҳаларни ишга туширишга кўмаклашиш ва хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олади.

Томонлар халқаро инновацион дастурлар доирасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратдилар. Бу “Talos Capital” вакилларининг Ўзбекистонда DeepTech ва сунъий интеллект йўналишларини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар, венчур ташаббуслари ва эксперт дастурларида иштирок этишини назарда тутади.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш, “Talos Capitalʼ портфель компанияларининг Марказий Осиё бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш, ўзбек стартапларига венчур инвестицияларини жалб қилиш ва глобал инновацион экотизимда Ўзбекистоннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш бўйича келишиб олдилар.

Talos Capital – сунъий интеллект ва янги авлод илғор технологияларига инвестиция киритишга ихтисослашган венчур ва консалтинг компания. Компания сунъий интеллект, киберхавфсизлик, рақамли ҳимоя, 4.0 саноат ва корпоратив финтеч тизимлари соҳаларида инновацион ечимлар яратаётган асосчиларга сармоя киритади. Молиялаштиришдан ташқари, “Talos Capital” компанияларга дастлабки босқичлардаги технологик лойиҳаларнинг тезкор ривожланиши учун халқаро бозорларга кириш имкониятини, стратегик экспертиза ва институционал ҳамкорликни таъминлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг