Ўзбекистон ва Sinohydro гидроэлектростанцияларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Sinohydro гидроэлектростанцияларни модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» АЖда гидроэнергетика соҳасида муҳим қадам сифатида ГЭС ларни модернизация қилиш бўйича янги келишувларга имзо чекилди.
Мазкур маросимда Хитойнинг йирик халқаро инжиниринг компанияси Sinohydro Co., Ltd. ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартномалар имзоланди.
Ўтказилган очиқ ва шаффоф тендер жараёнлари якунларига кўра, белгиланган барча техник ҳамда сифат мезонларига тўлиқ жавоб берган, соҳада бой тажрибага эга бўлган Хитой Халқ Республикасининг нуфузли компанияси – Sinohydro Co., Ltd. тендер ғолиби сифатида эътироф этилди.
Келишувга мувофиқ, Андижон вилоятидаги Шаҳрихон ГЭСлар каскади – ГЭС-5А ва ГЭС-6Ани модернизация қилиш лойиҳаси ЭПС шартлари (“под ключ” – “тайёр ҳолатда топшириш”) асосида амалга оширилади.
Имзоланган келишув лойиҳани тайёр ҳолда топшириш тамойили асосида амалга оширишни назарда тутади. Яъни, лойиҳа доирасида лойиҳалаштириш ишлари, қурилиш, технологик ускуналар ва жиҳозларни етказиб бериш ҳамда объектларни ишга тушириш тўлиқ амалга оширилади. Бу эса, ГЭСларнинг ишлаб чиқариш қувватини ва умумий самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, технология ва бошқарув тизимларини замонавийлаштириш ҳамда энергетика объектларининг барқарорлигини таъминлаш имконини яратади.
Жумладан, ушбу гидроэлектр станциялар модернизация қилиниши натижасида амалдаги умумий 7,6 МВт қувват 16,4 МВт га етказилиб, қўшимча 7,8 МВт қувват яратилишига ва йилига қўшимча 33 млн. кВт.соатэлектр энергия ишлаб чиқарилишига эришилади. Натижада йилига 13 мингдан ортиқ хонадон электр энергия билан таъминланиб, 11 млн м3 табиий газ ва 27,5 минг тоннадан ортиқ кўмир тежалади.
Мазкур лойиҳа икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон гидроэнергетика тизимида инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий халқаро стандартларни татбиқ этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ГЭСларни модернизация қилиш орқали минтақавий энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, экологик тоза энергия ишлаб чиқариш ва барқарор энергия таъминотини таъминлаш имконияти яратилади.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва «Sinohydro»нинг ўзаро ҳамкорлиги гидроэнергетика соҳасида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқади ва келгусида йирик инвестиция лойиҳалари ҳамда инновацион технологик имкониятларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.