Ўзбекистон ва Швеция IТ ва стартапларни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Савдо сиёсати департаменти бош директори Камилла Мелландер бошчилигидаги делегация IT Park Uzbekistanъга ташриф буюрди. Дастлаб делегацияси учун IT Park вакиллари томонидан тақдимот ташкил этилди, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ягона интегратор – UZINFOCOM бўйлаб экскурция уюштирилди. Делегация Ўзбекистондаги ривожланган инфратузилма ва АКТ соҳасидаги сўнгги инновациялар билан танишди.
У ерда рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар ҳамда мамлакатни халқаро IТ-хабга айлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва рақамли трансформацияни жадаллаштириш борасидаги мақсадлар намойиш этилди. УЗИНФОСОМ томонидан ишлаб чиқилган MYID Vision ва MYID Palm innovatsion маҳсулотлар тақдим этилди.
Ташрифнинг асосий қисмида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Савдо сиёсати департаменти бош директори Камилла Мелландер билан учрашув бўлиб ўтди.
Ш. Шерматов вазирликнинг келгусидаги мақсадлари ҳақида қисқача маълумот берди ҳамда юртимизда АКТ соҳаси иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий драйвери эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, вазир Zero Risk дастури ва IТ-Park резидентлари учун солиқ имтиёзлари ҳақида сўз юритди. У, шунингдек, хорижий компаниялар учун мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган Enterprise Uzbekistan лойиҳаси ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Камилла Мелландер Ўзбекистоннинг АКТ соҳасида эришган ютуқларини юксак баҳолади ва вазирликнинг ушбу соҳадаги жадал ривожланишини эътироф этди.
Томонлар Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантириш, шунингдек, ўзбек стартапларига инвестиция жалб қилиш учун Швециядаги майдонларга чиқиш имконини яратиш каби соҳаларда ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар самарали мулоқот учун бир-бирларига миннатдорлик билдиришди ва узоқ муддатли, самарали ҳамкорликка умид билдиришди.