Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг Асир ҳудуди қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон дипломатлари Саудия Арабистонининг Асир ҳудуди ҳокими шаҳзода Туркий бин Талол Ол Сауд билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Суҳбат давомида Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, ҳудудлараро шерикликни мустаҳкамлаш, туризм, иқтисодиёт ва инвестиция жабҳаларида биргаликда ишлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Асир ҳудуди ҳокими сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини мустаҳкамлаб бораётгани, барча соҳаларда эришаётган ютуқлари дунё нигоҳида эканини ва халқаро тадбирларни қабул қилувчи муҳим майдонга айланганини таъкидлади.
"Ўзбекистон ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган уламолар юрти, деди у. – Бугун кунда мамлакатингизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муқаддас динимиз ривожига хизмат қилмоқда".
Учрашувда туризм соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Саудия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз кириш тизими жорий этилгани қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон вилоятлари ва Асир ҳудуди ўртасида қишлоқ хўжалиги, текстиль, хизмат кўрсатиш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.