Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 20/04/2025 Ўзбекистон ва Саудия Арабистони коррупцияга қарши ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони коррупцияга қарши ҳамкорликни кучайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Саудия Арабистони Подшоҳлиги Назорат ва коррупцияга қарши курашиш идораси (NAZAHA) Президенти Мазин Ал Кахмусни қабул қилди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад - икки давлат аксилкоррупция идоралари ўртасида профессионал алоқаларни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш механизм ва йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда ходимлар салоҳиятини оширишда икки давлат имкониятларидан кенг фойдаланишдан иборат.

Саудия Арабистони Подшоҳлигида Назорат ва коррупцияга қарши курашиш идораси (собиқ Коррупцияга қарши курашиш комиссияси) 2011 йилда коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам бериш мақсадида ташкил этилган бўлиб, NAZAHA фаолиятининг асосий мақсади ҳалолликни ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясининг амалга оширилишини назорат қилиш, унинг натижаларини кузатиш, баҳолаш ва таҳлил қилиш, иш дастурлари ва амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат.

Икки идора раҳбарларининг илк мулоқоти 2024 йил ноябрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти(ИҲТ)нинг Коррупцияга қарши курашиш органлари иккинчи вазирлар йиғилиши доирасида ташкил этилган эди. Мазкур мулоқотнинг амалий самараси сифатида бўлиб ўтган бу галги учрашув аввалида икки давлатда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилиб, соҳада манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.   

Учрашув мобайнида Мазин Ал Кахмус давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан мазкур соҳада амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари орасида соҳада сезиларли ижобий натижаларга эришаётгани, бу эса Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишга оид халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни йилдан-йилга кўтарилаётганида акс этаётганини ҳам алоҳида эътироф этди. 

Ўз навбатида, Агентлик директори А.Бурханов мамлакатимиз аксилкоррупция ислоҳотлари ривожида халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига урғу бериб, хусусан, Саудия Арабистонининг соҳадаги илғор тажриба ва амалиётини яқиндан ўрганиш коррупцияга қарши курашишда янги механизмларни жорий этиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг томонлар ўртасида тажриба алмашиш, икки идора ходимларининг салоҳияти ва малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурлар, стажировка ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалаларида музокаралар ўтказилди. 

Учрашув доирасида Агентлик ва NAZAHA ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини яратувчи ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат Меморандуми коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда иштирокчиларнинг институционал салоҳиятини ривожлантириш ва оширишга қаратилган.

 Меморандум қуйидаги йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни назарда тутади:

- коррупцияга қарши профилактик чоралар юзасидан тадқиқот ва изланишлар билан алмашиш;

- коррупцияга олиб келадиган жиноий омиллар ва ҳаракатлар, уларнинг олдини олиш воситалари бўйича илмий ва бошқа тадқиқотлар бўйича ахборот алмашиш;

- қўшма ўқув курслари, семинар-тренинглар ўтказиш ҳамда техник ҳамкорлик дастурлари учун тажриба ва маълумот алмашиш;

- жамиятда ҳалоллик муҳити ва коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, шунингдек коррупцияга қарши сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш в.б.

Учрашув якунида икки томон ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши мамлакатларимиз учун бирдай манфаатли эканлиги алоҳида таъкидланиб, муҳокама этилган ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди. 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР